Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтишини осонлаштиришга қаратилган битим имзоланди. Биринчи кредит шартномаси қиймати 150 млн еврони ташкил қилади.
Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида Навоий ва Қашқадарёда сув таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда чорвачилик тармоғига иқлимий инвестицияларни молиялаштириш бўйича қўшма ишларни амалга оширишга қаратилган иккита битим имзоланди.
Жорий йилда Навоий вилоятининг Кармана, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб туманида марказий оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича олти йиллик лойиҳалар бошланади. Уларнинг умумий қиймати 119 млн еврони ташкил этади, шундан 105 млн евроси Франция тараққиёт агентлиги томонидан кредит шаклида тақдим этилган.
Франция тараққиёт агентлиги 2022−2026 йилларда Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантиришни молиялаштириш мақсадида 100 млн евро қарз ажратади. Лойиҳанинг умумий қиймати 147,7 млн евро бўлиб, у дастлаб Қорақалпоғистон, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида, кейинчалик қолган ҳудудларда амалга оширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг